Сервер Жепаров нима учун Европада ўйнаш насиб қилмаганини тушунтирди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ сардори Сервер Жепаров "Финт Тураева" (Тўраев финти) подкастида нима учун бир пайтлар Европага ўйнамагани ҳақида гапириб берди.
· CHAMPIONAT.asia- Осиёнинг энг яхши футболчиси номига овоз беришда Кейсуке Хонда ва Шинжи Кагава каби футболчиларни ортда қолдиргансиз. Улар Европада жуда кўп ва яхши савияда ўйнашди. Нега сизга у ерда ўйнаш насиб этмаган? Фаолиятингиз давомида қандай вариантлар ва таклифларга эга бўлгансиз?
- "Айнтрахт"дан жуда яхши таклиф тушган. 2005 йилда кўрикка борганман ва у ерда 10 кун бўлганман. Дарвоқе, Асрор Алиқулов билан бирга борганмиз. Клубга маъқул келганимни ва мени сақлаб қолмоқчи эканликларини айтишди. Фақат "Пахтакор" билан трансфер суммасини келишиб олишгина қолган.
Бироқ "Пахтакор" билан беш йиллик шартномам бор эди ва бу "Айнтрахт"га ўтишимга тўсқинлик қилган. Мен клуб раҳбарлари билан гаплашдим ва уларга айтдим: "Ахир, яхши таклиф тушса, мени қўйиб юборишингиз бўйича келишиб олгандик". "Пахтакор" шундай жавоб берди: "Ҳали ёшсан, сенда Европага кетиш имконияти яна бўлади, ҳозирча сен бизга кераксан, таркибда ўрнингни босадиган ҳеч ким йўқ". Ўшанда мен 23 ёшда эдим.
Якунда мен кетмадим, бошқа таклифлар бўлса-да, "Пахтакор"да қолдим. Қурбон Бекиевич Бердиев мени "Рубин"га олиб кетмоқчи эди: раҳбариятга қўнғироқ қилди, масалани ҳал қилмоқчи бўлди, ҳатто ўзи ҳам шу ерга келди. Бу, менинг фикримча, 2006 йил эди (бир неча йил ўтгач, 2008 ва 2009 йилларда "Рубин" Россия чемпиони бўлди – таҳририят). Аммо яна келишувга эришиб бўлмади.
Бир неча марта агентлар бир нечта вариантни таклиф қилган. Масалан, Англияга, Чемпионшипга (Англиянинг иккинчи дивизиони). Бироқ ўшанда терма жамоада кўп ҳам ўйинлар ўтказмагандим. Афсуски, мен бу қайси клуб эканлигини билмайман – шунчаки кетишим керак эди, балки шартнома имзолаган бўлардик. 2008 йилда Россия жамоалари билан Туркиядаги йиғинда яна бир ой ўтказдик: мен "Амкар"га, Кападзе "Кубан"га, Нестеров Нальчикнинг "Спартак" жамоасига йўл олган. "Пахтакор" раҳбарияти бошқа жамоаларда ўзимизни синаб кўриш учун юборганди, лекин бу яна натижа бермаган.
Кета олмаганим ачинарли, албатта. Агар ўша пайтларда менинг ўрнимда "Пахтакор"да ёш ва иқтидорли футболчи бўлганида, улар мени алмаштирган, мен эса хотиржам Европага кетган бўлардим. Мен клубга қандайдир тарзда панд бериб қўйиш ёки жамоанинг ўйин тизимини бузишни хоҳламагандим. Европада ўйнашни жуда истардим, бу менинг орзум эди.
Сервер Жепаров иштирокидаги "Финт Тураева" (Тўраев финти) подкастининг тўлиқ версиясини (рус тилида) қуйидаги орқали томоша қилишингиз мумкин:
Манба : Championat.asia